Бакрабалиқ (Acipenser nudiventris) – суякли балиқлар синфининг осётрсимонлар туркуми
Бакрабалиқ (Acipenser nudiventris) – суякли балиқлар синфининг осётрсимонлар туркуми ва осётрлар оиласига мансуб балиқ. Қора, Азов, Каспий ва илгари Орол денгизи ҳавзасида ҳам тарқалган. Балхаш кўли ҳавзасида иқлимлаштирилган. Танаси дуксимон, тумшуғи чўзиқ, оғзи бошининг пастида жойлашган. Склети тоғайдан ташкил топган. Танасидаги чўгрилар беш қатор, орқасида 11 – 17 та, ён томонида 55 – 57 та, қорнида эса 15–16 та чўгири бор. Бўйи 2 м. дан ортиқ, оғирлиги 80 кг гача бўлади. Бакрабалиқ ўткинчи балиқ, ҳаётининг бир қисмини денгизда (шўр сувда) ўтказса, урчиш даврида дарёга (чучук сувга) ўтади. Урғочиси 12-14 ёшида, эркаги 8-9 ёшида, вояга етади. Серпуштлиги ёшига боғлиқ. Бўйи 120-150 см, оғирлиги 13-20 кг бўлганда 210-340 минг увилдириқ (тухум) қўяди.
Орол денгизининг биологик ҳолати балиқлар учун яхши бўлганда увилдириқ ташлаш учун Оролдан Амударё ва Сирдарё қуйилишида тўпланиб, сўнгра дарёнинг юқори оқимидаги увилдириқ ташлайдиган жойларга ўтиб турган. Тухумдан чиққан балиқчаларнинг бир қисми дарё сув оқими бўйлаб денгизга (шўрсувга) қайтади, қолганлари эса дарёда қолади. Бакрабалиқ умуртқасиз ҳайвонлар, чиғаноқлар ва сув ўсимликлари билан озиқланади. 1936 йилгача Орол денгизи ҳавзаларида кўплаб овланар эди.
Сирдарё ва Амударёдаги ирригация қурилишлари ва Орол денгизи экологик ҳолатининг ўзгариши натижасида Бакрабалиқ жуда камайиб кетди. Ҳозир Амударёнинг қуйилиш жойидаги сув ҳавзаларида ва Зарафшон дарёсининг қуйи қисмидаги йирик каналларда оз миқдорда сақланиб қолган. Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.
Зооинженерия кафедраси катта ўқитувчиси Қ.Атаназаров
скачать dle 12.1