Қутлуғ айёмимиз—Рамазон Ҳайити байрами муборак!
Ассалому алайкум, ҳурматли профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талаба-ёшлар! Катта шукрона билан сизларни Рамазон Ҳайити байрами билан муборакбод этаман! Барчангизга маълумки, Муҳтарам Президентимиз томонидан юртимизда 13 май Рамазон ҳайити байрами сифатида нишонланиши тўғрисида қарор имзоланди. Авваламбор, мана шундай табаррук айёмга оиламиз ва яқинларимиз билан биргаликда соғ-саломат етказганига минг шукурлар бўлсин! Бир ой давомида барча мўмин-мусулмонлар чиройли сабр билан рўза тутиб, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини ният қилишди. Илойим, барчангизнинг эзгу тилакларингиз ва дуоларингиз ижобат бўлсин! Мана кўзни очиб-юмгунча шундай улуғ ойни кузатиш арафасида турибмиз. Бутун халқимиз қалблари нурга тўлиб, беғубор қувонч ҳамроҳлигида муборак айёмни нишонлаш учун тайёргарлик кўрмоқда. Албатта, бунда карантин талабларига қатъий риоя қилиш инобатга олиниши маълум этилди. 2020 йил билан таққослаганда жорий йил анча баракали келди. Йил бошидан юртимизда эпидемик вазият ҳам барқарорлашди. Бунинг замирида эса халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва мустаҳкам матонати ётибди. Минг шукурлар бўлсинки, кучли ирода ва чиройли сабр билан биргаликда синовли кунларни бирин-кетин енгиб ўтдик. Фикри ожизимча, барча инсонларнинг нияти эзгу бўлса, атрофдагиларга қўлимиздан келганча фақат яхшилик улашиб, ўзимизга раво кўрган энг яхши нарсаларни бошқаларга ҳам илинсак барча тилакларимиз ижобат бўлиб, ҳаётимиз бундан ҳам осойишта кечади. Кимгадир яхшилик қилиш ёки савоб ишларни амалга ошириш учун айнан муққаддас Рамазон ойини пойлаб ўтириш шарт эмас. Иложи бўлса, эзгу ишларни ҳар куни кимларгадир кўз-кўз қилмай амалга оширинг. Зеро, ўнг қўлинг берганини чап кўлинг билмасин деган ажойиб бир мақол бор. Рамазон Ҳайити байрами арафасида муҳтож инсонларга байрам ҳадяларини улашинг. Уларнинг кўзларида порлаган қувонч ва қалбида уйғонган шукуроналик ҳисси сизни баҳтиёр қилади. Тараққиёт йўлидан илдам одимлаб бораётган юрт бағрида тинч ва сокин ҳаёт кечираётганимизнинг ўзи бизга ином этилган улуғ неъматдир. Унинг қадрини ҳар нафасда сезиб, билиб яшаш эса бизнинг фарзимиз саналади. Фурсатдан фойдаланиб, барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, қолаверса, алоҳида филиал жамоасини ҳамда талаба-ёшларимизни юксак мамнуният билан яна бир бор улуғ айёмимиз — Рамазон Ҳайити байрами билан самимий муборакбод этаман! Барчамизнинг дилимиздаги энг эзгу тилак бу элимиз тинчлиги бардавом бўлсин! Осмонимиз дойимо мусаффо бўлсин! Нуроний кексаларимизнинг файзли даврасида табаррук айёмларимизни нишонлашлик ҳар биримизга насиб этсин. Илойим, имонимиз мустаҳкам бўлсин! Барчангизнинг оилангизга бахту саодат, дастурхонингизга қут-барака тилайман. Қутлуғ айём барчамизга муборак!
Ҳурмат билан,
Адилбай Есимбетов, Самарқанд ветеринария медицинаси
институти Нукус филиали директори,
Биология фанлари доктори, доцент
скачать dle 12.1